Саудия Арабистони Макка шаҳрида Ҳаж зиёратида юрган ўзбекистонлик ҳожилар Мирзиёев ва ҳамюртларига оммавий табрик йўллади.
Мусулмонлар идораси сайтида чоп этилган табрик матни президент Шавкат Мирзиёевга алоҳида эҳтиром ва олқишлар битилган ҳамда юрт раҳбари "йўлчи юлдуз", деб таърифланган.
"Янгидан барпо этилган масжидлар, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси ва Ҳадис илми мактаби юртимизда миллий-диний қадриятларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ифодасидир. Ушбу муаззам мажмуалар халқимизга илм-маърифат тарқатиш, ёшларимизни тўғри йўлга бошлашда йўлчи юлдуз вазифасини бажаришига ишонамиз", дейилади табрик хатида.
Шунингдек, ҳожилар юртига қайтгач, шахсий ва жамият ҳаётида бошқаларга намуна кўрсатишга ваъда берган.
"Шундай экан биз — ўзбекистонлик ҳожилар ишонтириб айтамизки, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатиб, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳудудларни обод этиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишларда бор куч-ғайратимизни аямаймиз", дейилади оммавий табрик хатида.
Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ҳажга борувчилар сони, йиллар давомида ўзгармай келган 5 ярим минглик рақамдан, 7 минг 200га оширилди.
Бу рақамнинг келгуси йиллар давоми мунтазам ошириб борилиши айтилган.