Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон расмийлари Толибон вакиллари билан учрашганига норозилик билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Суҳбатулло Аҳмади 10 август куни Кобул тинчлик ўрнатилишини олға сурувчи ҳар қандай ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини, бироқ мазкур учрашув характери Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасидаги музокараларга кўмак кўрсата олмаслиги тўғрисида баёнот берди.
Расмий тинчлик ўрнатиш жараёнида Афғонистон ҳукумати ва халқини ҳурмат қилишга чақирди.
8 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Толибон ҳаракатининг Доҳа шаҳридаги сиёсий офиси раҳбари мулла Бародар Охунд бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув бўлиб ўтгани хабар қилинган эди.
Учрашув чоғида Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш мақсадида мамлакатда тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Толибон ҳаракатининг сиёсий офиси раҳбари афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раундини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
Айни пайтда 12 август куни эрталаб АҚШ ва Толибон ўртасида Қатар пойтахти Доҳада ўтаётган музокараларнинг 8-босқичи ўз ниҳоясига етди.
Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид: "Бу узоқ давом этган фойдали музокаралар бўлди. Томонлар ўз лидерлари билан кейинги қадамлар борасида маслаҳатлашиш тўғрисида қарор қабул қилдилар”, - деб билдирди.
АҚШ расмийлари музокараларнинг навбатдаги босқичи якунланганига оид тафсилотларни эълон қилмадилар. Аммо 11 август куни Қурбон ҳайити муносабати билан халққа мурожаат қилган Афғонистон президенти Ашраф Ғани:
-Тинчлик ҳар бир афғоннинг хоҳиш-иродасидир. Шак-шубҳасиз тинчлик ўрнатилади. Аммо биз ҳар бир афғонистонликнинг қадр-қиммати ҳимояланган тинчликни истаймиз. Биз афғонларнинг шаъни ерга урилган тарзда ўрнатилган тинчликни истамаймиз. Биз афғонларни ўз мамлакатини тарк этишга мажбур қилувчи тинчликни хоҳламаймиз, - деб айтди.
Айрим хабарларга қараганда, АҚШ ва Толибон Афғонистондан хорижий кучларни олиб чиқиб кетилиши масаласини муҳокама қилган. АҚШ бунинг эвазига Толибон Афғонистон экстремистик гуруҳлар учун бошпана берувчи давлатга айланиб қолмаслигини кафолатлашни талаб қилмоқда.
Толибон шу кунгача Афғонистон ҳукуматини Ғарб томонидан бошқарилувчи қўғирчоқ ҳукумат сифатида талқин қилиб келади ва расмий Кобул билан музокаралар ўтказишдан бош тортмоқда.