Украина собиқ президенти икки соат мобайнида сўроқ қилинди

Украина собиқ президенти Петро Порошенко.

Украина собиқ президенти Петро Порошенко солиқ тўлашдан бўйин товлаш юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида сўроқ қилинди.

Порошенконинг 12 август куни билдиришича, терговчилар уни икки соат давомида сўроқ қилишган.

-Мен Давлат тергов бюроси ва унинг раҳбариятига ишонмайман. Мен терговчилар ҳолис ва адолатли эканига ишонмайман. Айни пайтда мен “Прямой” телеканали студиясида жонли эфирда ёлғон детекторида текширувдан ўтишга тайёрман. Аммо терговчилар бу таклифимдан мамнун эмаслар, - деди Порошенко.

Давлат тергов бюроси директори Роман Труба аввалроқ Петро Порошенко ёлғон детектори воситасида сўроқ қилинишини билдирган эди.

Трубанинг айтишича, Порошенко “Прямой” телеканалини сотиб олиш пайтида солиқларни яшириш иши бўйича гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.