Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 13 август куни расман жиноят иши қўзғатилди. Атамбаевга “Қотиллик”, “Қуролдан ноқонуний фойдаланиш”, “Оммавий тартибсизликларни уюштириш” каби айбловлар билдирилди.
-Атамбаевга нисбатан 13 август куни ўқ-дорилар ва қуролдан ноқонуний фойдаланиш, оммавий тартибсизликларни уюштириш, қонуний тергов ҳаракатларига тўсқинлик қилиш мақсадида олти нафар ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ходимини гаровга олиш, ҳуқуқ-тартибот тузилмасининг бир нафар ходимини ўлдириш ва бошқаларни ҳам ўлдиришга ҳаракат қилиш каби қатор оғир жиноятларни содир этиш айблови билан жиноят иши очилди, - деб билдирди Бош прокурор Ўткирбек Жамшитов.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ўрўзбек Ўпумбаев эса “Алмазбек Атамбаев давлат тўнтаришини амалга ошириш мақсадида қон тўккан”, деган иддаони билдирди ва Атамбаев ўз тарафдорларига муайян миқдорда ҳақ тўлаганини айтди.
--У нима учун ўз атрофига асосан аёллар, болалар ва қарияларни кўпроқ тўплади? Уларнинг ҳар бирига минг сўмдан тўрт минг сўмгача ҳақ тўлаган. Атамбаев уларни милиция келганида тўқнашув уюштириш учун махсус тўплаган. Бунинг учун уй атрофига тошлар тўктирилган. Давлат тўнтаришини амалга ошириш учун у қон тўкиши керак эди. Мен бу гапларни расмий тарзда очиқ гапираяпман, - деди Ўрўзбек Ўпумбаев.
Айни пайтда, Атамбаев тарафдорлари, жумладан, унинг қизи ва ўғли қўлга олиш амалиёти ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан мақсадли тарзда амалга оширилган фитна бўлганини иддао қилмоқдалар.
-Мен бу чуқур ўйланиб қилинган фитна деган фикрда собитман. Бу фитна чоғида кўплаб одамлар жабрланиши лозим эди. Мақсад буларнинг барчасини отамнинг зиммасига юклаш бўлган, - деди собиқ президентнинг ўғли Қодир Атамбаев.
7 август куни кечқурун Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ ўша куни Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади. 8 август куни махсус хизматларнинг бир неча минг ходими иштирокида ўтказилган амалиёт ортидан Атамбаев таслим бўлган эди.
Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида Миллий хавфсизлик хизматининг “Альфа” гуруҳи зобити ҳалок бўлган, 136 одам жароҳатланган.Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини гаровга олган.
27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.
Қирғизистонда собиқ президентни қўлга олиш юзасидан икки кун давом этган амалиёт қўшни давлатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россиянинг ҳам ташвишига сабаб бўлди. Жумладан, Россия ҳукумати Қирғизистондаги воқеалардан ташвишда эканини расман эълон қилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни кечқурун Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича: “Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди”.
Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган Алмазбек Атамбаев ўз чиқишларида Шавкат Мирзиёевни ўзининг яқин дўсти ва туғишган акаси сифатида тақдим қилар эди. Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Қирғизистон ва Ўзбекистон алоқалари яхшиланган.