Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун [рўйхат] тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Рўйхатда қайд этилган аёллар розилиги олинган ҳолда суҳбатга юборилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлашни хоҳламаганлар эса рўйхатдан ўчирилган ва суҳбатга чақирилмаган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Халқ таълими вазирлиги билан қўшма баёнотида билдирилди.
“Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур рўйхатнинг тузилишига мутлақо алоқаси йўқлигига қарамай, жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тегишли идоралар билан биргаликда юқоридаги саволларга жавоб излади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги ушбу рўйхатдаги аёллар масаласида аҳолининг ваҳимага тушишига ўрин йўқ деб ҳисоблайди” дейилган баёнотда.
Икки нуфузли идоранинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактабларда ишловчи 25 — 35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида рўйхати юритилишига оид маълумот пайдо бўлиши муносабати билан эълон қилингани айтилди.