ДТМ томонидан техник хатога йўл қўйилган тест саволи учун максимал балл берилажаги айтилди

ДТМ томонидан техник хатога йўл қўйилган тест саволи учун максимал балл берилади. Бу ҳақда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров баёнот берди.

Лекин Қўчқоров бундай ҳолат неча марта қайд этилгани тўғрисида маълумот бермади.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган бирифингда қуйидаги маълумотларни келтирган:

12 август куни Ўзбекистон бўйлаб 43 та бинода тест синовлари икки сменада бўлиб ўтди. Жами 53 минг 162 нафар абитуриентдан 51 минг 667 нафари тест синовларига келди. 1464 нафари эса турли сабабларга кўра иштирок этмади. Шу куни 11 нафар абитуриент ҳудудга киришда, 20 нафари эса бинода қоидани бузганлиги учун тест синовларидан четлатилди.

Қўчқоровга кўра, 10 август куни бакалавр йўналишининг кундузги шакли бўйича Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология ва тилларни ўқитиш факултети абитуриенти энг юқори балл тўплаган — 231,9 балл (173,9 балл тест синовлари натижаси, 58 балл касбий (ижодий) имтиҳон натижаси); сиртқи таълим шакли бўйича Фарғона давлат университетининг филология ва тилларни ўқитиш йўналиши — 174,2 балл, кечки таълим шакли бўйича Тошкент давлат шарқшунослик институтининг тарих таълим йўналишида — 172,6 балл.

8 август куни Сурхондарё вилоятида, 10 август куни эса Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида тест синовлари якунлангани маълум қилинди.