Келаси йилдан бошлаб ҳукумат хорижий ширкатларга Ўзбекистон тўғрисида ишлаб чиқилган кино, теле ва видеофильмлар, мультфильмлар, клиплар, аниме учун сарфланган ҳаражатларнинг бир қисмини тўлаб беради.
Президент Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида қайд этилишича, Ўзбекистон ичкарисида қилинган ҳаражатларнинг 20 фоизи, лекин 300 минг доллардан кўп бўлмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Бундай меъёр МДҲ давлатлари орасида фақат Ўзбекистонда амалга киритилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон тарихи ва тарихий шахслари тўғрисида бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқармоқчи бўлган ширкатларга фильм учун сарфланадиган маблағнинг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда грант берилади.