Украинадан жосусликда айбланган Россия дипломати бадарға қилинди

Украина хавфсизлик хизмати рамзи.

Украина хавфсизлик хизмати мамлакатдан Россия дипломати бадарға қилинганини билдирди. 13 августда тарқатилган расмий баёнотда дипломат “Россиянинг Львовдаги бош консулхонаси панасида ишлаган жосус” деб аталди.

Баёнотда таъкидланишича, дипломат 2014 йилда Россия разведкасига ёлланган Украина фуқароси бўлган ҳарбий пенсионердан махфий маълумотларни олиб турган. Бу маълумотлар Украина давлат ва жамоат арбоблари, ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизматлар, қуролли кучлар ҳамда армиядаги хорижий маслаҳатчилар фаолиятига тааллуқли бўлган.

Украина фуқароси давлатга хиёнатда айбланиб қўлга олинган. Россия дипломати “исталмаган шахс” деб эълон қилинди ва Украина ҳудудини тарк этди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча мазкур баёнотга расман муносабат билдирмади.