Жаҳон саломатлик ташкилоти (ЖСТ) дунёда қизамиқ эпидемияси кенг тарқалишда давом этаётганидан ташвиш билдирди.
Ташкилотга кўра, шу кунгача қизамиққа чалинганларнинг энг кўпи Украинада қайд этилди.
ЖСТ вакили Кристиан Линдмейер Женевада 13 августда қилган чиқишида 2019 йилнинг шу кунигача қизамиққа чалинган 365 минг одам рўйхатга олинганини маълум қилди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 130 минг одамни ташкил қилган эди.
Август ойларининг бошларида Ўзбекистон матбуотида ҳам Самарқандда қизамиқ эпидемияси кузатилгани тўғрисида ташвишли хабарлар пайдо бўлган эди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 август куни Самарқанд вилоятида қизамиқ касаллигининг тарқалишига қизамиққа қарши эмланмаган чет эл фуқаролари сабаб бўлгани ҳақида расмий билдирув тарқатди.
Вазирликнинг билдиришича, жорий йил бошидан бери Самарқанд вилоятида 419 одам қизамиққа чалингани гумон қилинган, аммо улардан фақат 29 нафарида мазкур касаллик мавжудлиги тасдиқланган. Қизамиқнинг олдини олиш мақсадида Самарқандда қўшимча равишда 11 мингдан ортиқ одам эмланган. Қизамиқдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган.