ДТМ: Ёши 50дан ошган абитуриентлар сони 672 нафардир

Тест топширишга келган абитуриентларнинг ҳужжатлари текширилмоқда.

Давлат тест маркази жорий йилда тест имтиҳонларида ёш чеклови бекор қилингани сабабли катта ёшдаги минглаб одамлар ҳам “талаба бўлиш умидида олий ўқув юртларига ҳужжат топширгани”ни билдирди.

13 август куни матбуотга тақдим этилган маълумотда айтилишича, 25 ёшдан кичик абитуриентлар сони 862 977 нафарни, 25-30 ёш оралиғидагилар 103 276 нафарни, 40-50 ёшлилар 14 014 нафарни ва 50 ёшдан катталар сони 672 нафарни ташкил этади.

Июль ойида сурхондарёлик 80 ёшли Тўхтамиш Султонов Ўзбекистондаги энг ёши катта абитуриент бўлгани хабар қилинган эди.

Тўхтамиш Султонов Самарқанд давлат университетининг Биологияни ўқитиш методикаси ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиалининг даволаш ва педиатрия иши йўналишида ўқиш учун ҳужжат топширган.

Аввалроқ Фарғонада ҳам 72 ёшли аёл бирданига учта олийгоҳга ўқишга кириш учун абитуриент сифатида ҳужжат топширганди.

Шунингдек, Навоийнинг Қизилтепа туманида яшовчи 67 яшар Шарофат Ташева ҳам Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширган. Онахон институтнинг она тили ва адабиёти факультетига ўқишга киришни режалаган.