Самара вилоятининг Сизран туманида заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган 69 нафар ўзбекистонлик каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳардан жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Волга Ньюс нашри 14 август куни ўзбекистонликлар даволанаётган Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинскийга таянган ҳолда 14 августда хабар берди.
Аввалроқ Леонид Разливинский Озодлик радиосига токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирган эди.
Шифокорнинг Волга Ньюс нашрига айтишича, ҳозирча ўзбекистонликлар нимадан заҳарланганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аниқ жавоб топиш учун эса бир неча ой изланишлар ўтказиш талаб қилинади.
Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 41 одам қолмоқда.
Озодлик радиосидаги маълумотларга қараганда, заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.
Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.