Европа Иттифоқи Жаслиқ ёпилиши ортидан қамоқхоналар ислоҳ қилинишига умид билдирди

Европа Иттифоқи байроғи.

Европа Иттифоқи 14 август куни Жаслиқ қамоқхонаси ёпилганини олқишлади. “Бу қамоқхоналарни бошқаришни яхшилаш томон ташланган қадам бўлди”, дейилади расмий баёнотда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистондан кейинги қадам қаторида жазони ўташ системасида қийноқлар ва ноинсоний муносабатларга барҳам берувчи ислоҳотлар ўтказилишини кутаётганини ҳам таъкидлаган.

Баёнотда Омбудсмен фаолияти доирасини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилишига умид билдирилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 августидаги қарори билан Жаслиқ номи билан танилган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колонияси тугатилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари колонияда яқин ўтмишда қийноқлар қўллангани юзасидан хавотирлар билдириб келган.