Facebook фойдаланувчиларнинг овозларини ширкатларга тақдим этганини тан олди

Facebook фойдаланувчиларнинг овозли ёзишмаларини учинчи ширкатларга тақдим этганини тан олди. Bloomberg нашри бу ҳақда Facebook ширкатидан олинган расмий мактубга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Facebook Messenger фойдаланувчиларидан фақат айримларининг овозли ёзишмалари бошқа ширкатларга тақдим этилган. Facebook бундан мақсад диктовка функциясини мукаммаллаштириш бўлганини иддао қилмоқда.

Бироқ овозли ёзишмалар бошқаларга тақдим этилиши тўғрисида Facebook Messenger фойдаланувчилари огоҳлантирилмаган. Facebook овозларни расшифровка қилиш автоматик тарзда амалга оширилганини билдирди.

The Verge журналининг ёзишича, Google, Amazon, Microsoft ва Apple ширкатлари фойдаланувчиларнинг овозларини бошқа ширкатларга тақдим этгани юзасидан гумонлар пайдо бўлгани ортидан Facebook ҳам мана шундай амалиётда шубҳа қилина бошланган эди.

Apple мазкур амалиётни тўхтатганини расман эълон қилди. Amazon фойдаланувчиларга ўз овозларини бошқа ширкатларга бермаслик ҳақида ширкатни огоҳлантиришни тавсия қилди. Google эса бу сифатни яхшилашга қаратилган оддий амалиётдир, деган нуқтаи-назарда эканини билдирмоқда.

Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини етарли даражада ҳимоя қила олмаётгани учун бир неча марта кескин танқидларга учраган эди. 2019 йилнинг мартида ширкат асосчиси Марк Цукерберг Facebook фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни кучайтириш йўналишида иш олиб боришини ваъда қилганди.