Олмазор туман ҳокими муовини билан kun.uz мухбирлари ўртасидаги "нохуш ҳолат" ўрганилмоқда

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 15 август куни ижтимоий тармоқларда kun.uz сайти мухбирлари билан Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўртасидаги инцидентни "нохуш ҳолат" деб атаб, "бу масала томонлар иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилганини" билдирди.

Хабар қилинишича, Тошкент вақти билан соат 15:00 га қадар учрашув тафсилотлари эълон қилинади.

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.