Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олмазор ҳокими муовини ҳаракатларини қоралади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.