Самара вилоятида заҳарланган ўзбекистонликлардан бирининг вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси 19 август куни маълум қилди.
Хабарда айтилишича, жиноят иши Жиноят кодексининг 109- моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш) асосида қўзғатилган.
Россиянинг Тольятти шаҳар клиникаси жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётган 4 ўзбекистонликдан бири, 26 яшар йигит 14 август куни кечга яқин вафот этган эди.
Зоокумарин моддасидан заҳарлангани айтилаётган 69 ўзбекистонликнинг 57 нафари (вафот этган йигит 58-чиси эди) Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўллаган шифокорлар ва Қозондаги консуллик вакиллари 17 август куни Самара шаҳар шифохонаси, 18 август куни эса Тольятти шаҳар шифохонасида ётган ўзбекистонликларнинг аҳволи билан танишди. Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.
Озодлик Самарада қишлоқ хўжалиги ишлари шуғулланиб, пул топаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.