Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Акмўла вилоятидаги Ольгинка қишлоғида куйдирги касаллиги аниқлангани муносабати билан мазкур ҳудудда карантин эълон қилди. Қишлоққа кириш-чиқиш йўлларига тўсиқлар қўйилиб, бу ерга келиш ва кетиш тақиқланди.
Август ойининг бошларида қишлоқда яшовчилардан тўрт нафари мол сўяётганда куйдиргига чалингани аниқланган эди.
Қишлоқ ҳўжалик вазирлиги айни пайтда Ольгино қишлоғида куйдиргига чалинган чорва моллари йўқ эканини билдирмоқда.
Ольгинка қишлоғи пойтахт Нурсултондан 80 километр олисликда жойлашган. Ижтимоий тармоқларда ҳукумат тузилмалари куйдирги билан боғлиқ сўнгги вазият тўғрисида маълумот бермаётгани қозоғистонликлар томонидан танқид қилинмоқда.
Қозоғистонда чорва моллари орқали одамларнинг куйдиргига чалиниши ҳолатлари йил сайин такрорланиб туради.