Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар, Маданият вазирликлари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди. 20 август куни ўтказилган матбуот анжуманида текширув натижалари ҳақида маълумотлар берилди, дея хабар қилди ЎзА.
Ишчи гуруҳлари аттракционларнинг 1292 тасида техник паспорти мавжуд эмаслигини аниқлади. 1106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.
695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.
- 28 июнь куни Жиззах шаҳридаги "Истиқлол" болалар истироҳат боғида аттракцион тутқичи синиб кетиши оқибатида 20 яшар қиз ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
- Шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар тўғрисида ҳам Озодлик ўз вақтида хабар берган.