Gazeta.uz нашрининг Олий Мажлис Сенати йиғилишида қатнашган мухбирига таяниб хабар қилишича, шу кунгача Давлат хавфсизлик хизмати ваколатида бўлган вазифа президент давлат хавфсизлик хизматига (ПДХХ) ўтказилади.
ПДХХ президент ва унинг оиласидан ташқари, Ўзбекистонга қисқа ёки узоқ муддатга сафар қиладиган юқори мартабали хорижий шахслар, меҳмонларни ҳам қўриқлайди.
24 август куни Олий Мажлис Сенати 21-ялпи мажлисида қатор қонун ҳужжатларига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун маъқулланди.
"Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишга мувофиқ, президентнинг 2018 йил 21 февралдаги қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлик хизмати терроризмга қарши кураш бўйича давлат органлари рўйхатига киритилди", деб хабар қилади нашр.
Шунингдек, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ПДХХ бундан буён ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ваколатларга ҳам эга бўлди. Улар қўриқланувчи шахслар манфаатлари, хавфсизлиги ва даҳлсизлигига алоқадор ҳуқуқбузарликларга мойил шахсларни ҳам назоратга олади.