Шавкат Мирзиёев "Европадаги энг катта масжид"ни қурган Рамзан Қодировга қадимий Қуръон нусхасини совға қилди (ВИДЕО)

Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга Мирзиёев совғасини топширмоқда. Рамзан Қодировнинг ВКонтакте тармоғидаги саҳифасидан олинган сурат.

Президент Шавкат Мирзиёев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга қадимий Қуръон қўлёзмасининг нусхасини совға қилди. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўзининг ВКонтакте ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Маълум қилинишича, президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Чеченистонга Европадаги энг катта масжиднинг очилиш маросимида иштирок этиш учун борган.

Рамзон Қодиров ВКонтакте саҳифасида: “Учрашув давомида Рустам Қосимов менга жуда нодир совға – Тошкентдаги Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган қадимий Қуръон қўлёзмасининг нусхасини тақдим этди. Азиз меҳмонимизга миннатдорлик билдирдим. Қардош Ўзбекистон Республикасининг янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашини тиладим», - деб ёзди.

Чеченистоннинг Шали шаҳрида 23 август куни Европадаги энг катта “Мусулмонлар фахри” масжиди очилди. Масжид лойиҳасининг муаллифи ўзбекистонлик меъмор Абдуқаҳҳор Турдиевдир.

Масжид қурилиши 2012 йилда бошланган эди. Унда бир вақтнинг ўзида 30 минг одам намоз ўқиши мумкин. Масжид атрофидаги майдон билан қўшиб ҳисоблаганда бу ерга жами 70 минг одам сиғади.

Масжиднинг тўртта минораси бўлиб, уларнинг ҳар бири 63 метр узунликка эга. Марказий гумбаз эса 40 метрни ташкил қилади. Масжид ҳудудида шарқона усулдаги мармар супачалардан иборат ва таҳорат олишга мўлжалланган 12 та фонтан бор.