Термиз шаҳрида ўтаётган «Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси» номли халқаро археологик форум доирасида Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа остида топилган қадимий шаҳар икки минг йил аввал йўқолган Окс Искандарияси экани эълон қилинди.
Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов: “Биз Кампиртепа шаҳри афсонавий Окс Искандарияси жойлашган ҳудуд эканини аниқладик. Биз ҳозир бу борада жуда кўп материалларни ҳозирлаяпмиз. Бу ер жаҳон харитасида пайдо бўлсин деган мақсадда бу ҳақда эълон қилаяпмиз. Бу бутун дунё учун яхши янгилик бўлади, олимлар ва сайёҳларнинг эътиборини кўпроқ тортади. Барча зарур бўлган далил-исботлар базаси бизда мавжуд”, деб билдирди.
Ўзбекистон олимлари ва ҳукуматининг мазкур иддаоси оламшумул янгилик сифатида баҳоланмоқда.
Окс Искандарияси деган шаҳар номи бир неча минг йиллар давомида фақат тарихий китобларда тилга олинган. Лекин икки минг йил давомида бу шаҳар қаерда эканини ҳеч ким билмаган.
Кампиртепадаги археологик ишлар натижасида 1972 йилда ўзбекистонлик академик Эдвард Ртвеладзе қадимий шаҳар ҳаробаларни топган эди. Иддао қилинишича, Ртвеладзе ўшандан бери бу ҳароба айнан Окс Искандарияси эканига қатор далилларни топган.
Тарихий манбаларда айтилишича, Амударё бўйидаги Искандария шаҳри - Окс Искандарияси Александр Македонский томонидан асос солинган Юнон-Бақтрия давлатининг шарқий ҳимоя қалъаси ҳисобланган. Окс Искандариясининг гуллаб-яшнаган даври эрамиздан олдинги III – II асрларга тўғри келади.