Ҳеч бир ички ишлар ходими ёки раҳбар ходим одамларнинг уйини бузиш ва аҳолини кўчириш ваколатига эга эмас. Бузиш ҳокимлик ва бошқа тегишли органлар қарори билан амалга оширилади. Ички ишлар ходимининг вазифаси шу жараёнда хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлашдан иборатдир. Ушбу ҳаракатларга йўл қўйган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади.
Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Тошпўлатов Сенатнинг 21-ялпи мажлисида (иккинчи кун) баёнот бергани тўғрисида kun.uz хабар қилди.
Вазир ўринбосарининг айтишича, уй бузилиши бўйича бўлаётган ҳолатлар юзасидан ҳар бир тегишли ички ишлар бошқармалари раҳбарлари вазирликка ахборот беради.
"Масалан, Риштон ва Поп туманлари бозорлари кўчирилиши ҳолати ҳақида вазирликка ахборот берилган. Бу ҳақда ҳокимликларга чора кўришлари бўйича ахборот хати юборилган" деган Азиз Тошпўлатов.
Сенат раиси Танзила Норбоева «снос» бўйича ички ишлар вазирлиги қатъий позицияга эга бўлиши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, вазирлик қаерда шундай ҳолатлар кузатилса, тезкорлик билан реакция билдириши лозим.