Бразилия ёнғинларни ўчириш учун "Катта еттилик" берган 22 миллион долларни олишдан бош тортди

Амазонкадаги ёнғин.

Бразилия президенти Хейр Болсонаро “Катта еттилик” давлатларининг Амазонкадаги ёнғинларни ўчириш учун ажратган 22 миллион доллар миқдоридаги молиявий кўмагини олишдан бош тортди.

26 август куни Франциянинг Биарриц шаҳрида ўтаётган “Катта еттилик” саммитида Франция, Британия, Канада, Германия, Италия, Япония ва АҚШ Бразилиядаги ёнғинларни ўчиришга 22 миллион доллар пул ажратгани ва бу маблағ зудликда берилиши тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Бразилиянинг Амазонка ўрмонларида давом этаётган ёнғинлар халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Амазонка глобал экологик вазиятда муҳим аҳамиятга эга бўлган табиат зонасидир. Шунинг учун бу масала БМТнинг сентябрь ойида ўтадиган бош Ассамблеяси кун тартибига киритилган.

Бироқ Бразилия халқаро ҳамжамият ёрдамидан воз кечган ҳолда, ёнғинлар билан курашиш учун ўз салоҳияти етарли эканини айтмоқда.

Президент Хейр Болсонаро “Катта еттилик” давлатларининиг ташаббуси Бразилияга “мустамлака ёки хўжайини йўқ замин сифатида қаралаётганини англатади”, деб билдирди.

Айни пайтда мухолифат Болсонарони Амазонкани вайрон қилаётганликда айбламоқда.