Сурия масаласидаги зиддиятга барҳам бериш мақсадида Эрдўғон Москвага келди

Россия ва Туркия президентлари.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 27 август куни Москвага келди. Анқара раҳбарининг Россия президенти Путин билан сўзлашувда Сурия масаласида икки давлат ўртасида кучайиб бораëтган зиддиятга барҳам беришга уриниши айтилмоқда.

Туркия раҳбарияти Россиядан Идлибдаги Башар Асад қўшинларига ҳарбий ëрдам беришни тўхтатишни сўрамоқда.

Ўтган ҳафта Эрдўғон Сурия ҳукумат кучларининг Идлибдаги қуролли мухолифларига қарши ҳужумлари Туркия миллий хавфсизлигига таҳдид эканини билдирган эди.

Ўтган йил сентябрь ойида Москва ва Анқара раҳбарлари ўртасида Сочида имзоланган келишувга кўра¸ Асад ҳукумати қўшинларининг Идлиб минтақасидаги қуролли кучларга ҳужум қилиши олди олинган эди.

27 август куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Идлибга қилинган ҳужумларни оқлади ва Туркия ҳукуматини исëнчиларни жиловлаш ҳақида Сочида зиммасига олган мажбуриятини бажармаганликда айблади.