Финляндия Миграция хизмати – Migri 2019 йилнинг баҳор ва ёз ойларида 139 нафар ўзбекистонликни мамлакатдан депортация қилди. Бу ҳақда Финляндиянинг Yle нашри хабар берди.
Озодлик радиоси 140 нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири депортация қилиниши тўғрисида огоҳлантирилгач, Ҳельсинки судига мурожаат қилгани ҳақида жорий йилнинг июль ойида хабар берган эди.
Yle нашрининг миграция хизматига таяниб ёзишича, яқин кунларда яна 219 нафар ўзбекистонликнинг депортация қилиниши кутилмоқда. Уларга мамлакатни тарк этишлари шартлиги тўғрисида огоҳлантириш берилган.
Бундан ташқари Migri 258 нафар ўзбекистонликка мамлакатда ишлашга рухсат бермади. Олти ой ичида фақат 42 нафар ўзбек Финляндияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритди.
Миграция хизмати Финляндияга иш излаб келган ўзбекистонликлар сохта дипломларни тақдим этгани аниқлангани ортидан мана шундай қарор қабул қилинганини билдирмоқда.
Хабарда айтилишича, Финляндияда ўзбекистонликлар асосан қурилиш соҳасида ишлайди. Бироқ уларнинг кўпчилиги ишга жойлашаётганда қурилиш сохаси мутахассиси эканини тасдиқлаш учун сохта дипломлардан фойдаланган.
“Биринчи сохта дипломлар 2015 йилда аниқланган. 2016 йилда ҳам сохта дипломлар унча кўп бўлмаган. 2017 йилда эса аввалги йилларга қараганда кўпроқ сохта дипломлар аниқланди, 2018 йилда эса юзлаб дипломлар сохта экани аниқланди”, деб ёзди нашр.
Хабарда айтилишича, сохта дипломлар ўта сифатсиз бўлган, "дипломни берган қурилиш техникуми" эса Ўзбекистонда 26 йил аввал фаолиятини тўхтатгани аниқланган.