Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманидаги бир неча ўрта мактаб ўқитувчилари мактаблар директорлари уларнинг маошларидан ижара дарсликлари учун 100 минг сўмдан босиб қолмоқда.
Иш ҳақидан ушлаб қолинаётганни айтган ўқитувчиларнинг бу иддаосини туман Халқ таълими бўлими бошлиғи “бўлмаган гап” дея рад этди.
Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг дарсликларни ижарага беришга масъул ходими қизириқлик ўқитувчилар шикояти ўрганилажагини билдирди.
Озодликка шикоят қилган ўқитувчилардан бирига кўра, туман Халқ таълими бўлими мактаблар директорларига бошланаётган ўқув йилида ижара дарсликлар учун пул ўтказиб бериш тўғрисида “ички” топшириқ берган.
Ўқитувчининг бу иддаосини тасдиқлаган айни тумандаги мактабларда дарс берувчи яна икки ўқитувчи директорлар ижара ҳақини тўлашни истамаган ўқитувчиларга иш ҳақини бермаслик билан таҳдид қилган.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тарқатган хабарга кўра, 2019-2020 ўқув йили учун дарсликлар учун ижара тўлови миқдори ўтган йилларга нисбатан ошган.
"Дўқ-пўписа"
Дастлаб Telegram мессенжери орқали боғланган ва ўзини қизириқлик ўрта мактаб ўқитувчиси дея таништирган шахс иддаосига кўра, мактаб директорлари ўқитувчиларга “дўқ-пўписа қилиб”, уларнинг ойлик иш ҳақидан 100 минг сўм босиб қолинишини билдирган.
“Мактаб директорлари мактаблардаги синф раҳбарларига 2019-йил август ойи иш хақидан 100 минг сўмдан ведемостга қўл қўйиб берасизлар, қўл қўймасаларинг, август иш хақларинг чиқмайди (берилмайди) деб, синф раҳбарларга мактаб раҳбарлари дўқ-пўписа қилиб, қўл қўйдириб оляпти” деб ёзди у.
Озодлик бу иддаони аниқлаш учун Қизириқдаги 77 та мактабдан бир нечтасида ишловчи баъзи ўқитувчилар билан боғланди.
Ўқитувчилардан икки нафари ушбу иддаони тасдиқлади.
“Бермасанг, ойлик карточканга туширилмайди, деб айтди директор. Кўпчилик қўл силтаб қўяқолди. Эътироз билдирсак, босим кучайиб кетади” деди ўқитувчилардан бири.
Унинг ҳамкасбига кўра, ижара тўловлари ҳақидаги топшириқ туман Халқ таълими бўлими томонидан очиқча берилгани йўқ.
“Директоримиздан топшириқни кўрсатишни талаб қилдик. Лекин “ички топшириқ бўлган”, деб гапимизни бўлиб ташлади,” деди у.
Ўқитувчиларга кўра, директорлар ўқитувчилар ойлигидан чегириб олинган миқдор, ота-оналар ижара тўловни амалга оширгач, қайтарилишини билдирганлар.
"Бундай команда берилгани йўқ"
Қизириқ туман Халқ таълим бўлими мудири Хушмурод Муҳаммадиев 28 август куни Озодлик саволига жавобан ўқитувчилар даъволарини "бўлмаган гап" дея рад этди:
- Йўқ, йўқ, йўқ! Ҳеч қандай ундай нарса бўлган эмас. Йиғилишдаям бирон нарса... Ижаранинг нархи келган. Ота-оналарнинг ўзлари тўғридан-тўғри банкга тўлаяпти. Бундай команда берилгани йўқ.
Хушмурод Муҳаммадиевнинг қўшимча қилишича, ҳозирга қадар ўқитувчилардан улар ижара дарсликлари учун пул тўлашга мажбурланаётгани тўғрисида шикоят келиб тушмаган.
- Ундай иш мумкин эмас. Биз раҳбарлар билан бирга ҳар бир мактабни кўриб... Мана прокуратура ўзи, прокуратура, бизнинг идора ва Ёшлар Иттифоқидан комиссия тузиб, тўлиқ текшириб қилаяпмиз. Лекин бундай хабар бугунгача бизга келгани йўқ, - деди Қизириқ туман Халқ таълим бўлими мудири.
Ягона ижара нархи
Ўзбекистон Адлия вазирлиги Telegramдаги Ҳуқуқий ахборот каналида дарсликлар тўплами учун ижара тўловининг республика бўйича ўрнатилган ягона нархлари рўйхатини эълон қилди.
Ота-оналар 2019/2020 ўқув йили учун умумтаълим мактабларининг 1- синфидан ташқари барча дарслик китоблар учун ҳукумат томонидан ўрнатилган нархда ижара ҳақи тўлайди.
Расмий рўйхатга кўра¸ 2-синф ўқувчилари қўлланадиган 12 дарсликдан иборат тўплам ижара нархи 23 200 сўмдан бошланади.
Бу рўйхатдаги энг арзон ижара нархи 5-синф ўқувчиларига мўлжалланган 13 та дарслик учун белгиланган 13 000 сўмни ташкил этади.
Энг қиммат нарх эса¸ 8-синфлар учун 16 та дарсликдан иборат тўплам учун белгиланган бўлиб¸ у 40 700 сўмни ташкил этади.
Сурхондарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг дарслик китобларини ижарага беришга масъул ходими Олим Тўрақуловнинг 28 август куни Озодликка айтишича, китоблар ижараси миқдорини белгилашда асосий эътибор ҳар бир китобнинг таннархига қаратилган.
- Ишлаб чиқариш нархига боғлиқ, биринчидан. Иккинчидан, китоблар сонига боғлиқ. Катта синфларга боравергандан кейин 18-19 номда дарслик бўлади. Албатта, дарсликлар сони, ишлаб чиқариш нархи ижара нархига таъсир қилади, - деди Олим Тўрақулов.
У қизириқлик ўқитувчилар шикояти ўрганилажагини билдирди.