Андижонда президент ташрифи арафаси вилоят ҳокимияти томонидан коттеж берилиши ваъдаси билан ТВ учун интервью олиниб, кейин уйдан чиқариб юборилган аёлларга уй берилди.
Бу ҳақда Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимовага таянган ҳолда 28 август куни “Қалампир” нашри хабар берди.
“Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Хуршида Тиллаева, Муяссар Раҳимова, Дилфуза Тешабоева, Шоҳиста Бакирова, Меҳриноз Абдувалиева, Ҳайринисо Эрматова ваъда қилинган хонадонларга кўчиб киришган”, дейилади хабарда.
Жорий йилнинг май ойида президент Шавкат Мирзиёев Андижонга борган эди. Ўшанда 6 нафар кам таъминланган оилага уй берилгани Ўзбекистон телеканаллари орқали намойиш этилган. Президент кетганидан сўнг эса улар уйлардан чиқариб юборилган эди.
Бу воқеа Озодлик радиоси орқали жамоатчиликка эълон қилингач, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бундай воқеа бўлганини тан олган. Бош прокуратура эса Андижондаги кўзбўямачилик ташкилотчиларини жазолашни талаб қилганди.