Ёшлар Иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев 29 август куни ўз вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига бир неча йил аввал Ўзбекистондаги энг ёш вазир ўринбосари бўлган Алишер Саъдуллаев Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Ёшлар Иттифоқи 2017 йил 30 июнда собиқ «Камолот» ижтимоий ҳаракати ўрнига ташкил этилган. Ўшандан бери Иттифоқни Қаҳрамон Қуронбоев бошқариб келаётган эди.
Қаҳрамон Қуронбоев ўтган йилнинг 5 июнида водийда келин-куёвнинг тўй кортежини тўхтатиб, уларни таксига ўтирғизиб юборгани ортидан кескин танқид қилингани билан машҳур. Президент Мирзиёев ҳам унинг бу ҳаракатини танқид қилган эди.
Хабарларда билдирилишича, Қаҳрамон Қуронбоев давлат хизмати ва давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
25 ёшли Алишер Саъдуллаев 2017 йил июлида президент Шавкат Мирзиёев тавсиясига кўра халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Бироқ президентнинг 2018 йил 25 октябрдаги қарори билан ишдан бўшатилган ва кейинроқ Ёшлар Иттифоқи раиси ўринбосари лавозимига тайинланганди.