АҚШда 29 август куни гомосексуализм манбасини ўрганиш бўйича жаҳондаги энг йирик тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Олимлар "одамларда ўз жинсидаги одамга жинсий майлни билдирувчи алоҳида ген йўқ, бироқ ўз жинсига майли бор шахсларнинг 30 фоизида генетик факторлар мавжуд", деган хулосага келганлар.
АҚШ ва Британияда катта ёшдаги ярим миллион одамнинг ДНКсини ўрганиш юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари Америка матбуотида кенг ёритилмоқда. Мазкур тадқиқот АҚШ Миллий саломатлик институти ва бошқа давлат агентликлари томонидан молиялаштирилган.
Тадқиқот давомида аввал гей ва лесбиянкаларнинг ориентациясига боғлиқ деб ҳисобланмаган бешта генетик ўзгариш аниқланди. Бу ўзгаришлар асосан қачондир бир жинсли алоқада бўлганини билдирган одамларда кузатилди.
Олимлар тадқиқот фақат Европа ирқига оид одамлар ўртасида ўтказилганини, бунга ўхшаш натижалар бошқа этник гуруҳларда ҳам топилишини тасдиқловчи исботлар йўқлигини билдирганлар.
Олимлар тадқиқот давомида одамларнинг жинсий идентификацияси ёки ориентацияси эмас, балки феьл-атвори ўрганилганини ҳам эслатиб ўтдилар.
Айрим мутахассислар тадқиқот натижаларини танқид қилмоқдалар. Уларга кўра, тадқиқотда ўз жинсидагиларга майл билдириш сабаблари аниқ айтилмаган ва бунинг ортидан натижаларни ҳар бир одам ўзи хоҳлагандай талқин қилиши мумкин.