Самарқанд ИИБ: қутургани тахмин қилинган ит 15 кишини тишлади

Самарқанд вилояти ИИБ қутургани тахмин қилинган ит 15 киши, шу жумладан, 1 ички ишлар ходимини тишлаганини маълум қилди.

28 август куни ижтимоий тармоқларда Spark ва Nexia машиналари ҳайдовчилари бир итни босиб ўлдиришга урингани акс этган видео тарқалган ва бу видео тармоқларда эътирозга сабаб бўлганди.

Gazeta.uz нашрининг вилоят ИИБга таяниб хабар қилишича, видеода ҳайдовчилар босишга уринган ит қутурган бўлиши мумкин.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг ойдинлик киритишича, айни итнинг чоршанба куни кўп сонли одамларга ташлангани ҳақида хабарлар олинган.

Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология хизмати бу ит жами 15 кишини тишлагани ва уларнинг ҳаммасига тегишли тиббий ёрдам кўрсатилганини хабар қилмоқда.

Расмий хабарга кўра, барча жароҳатланганларга антирабик ёрдам (қутуришга қарши иммунизация) кўрсатилган, итнинг ўзи вилоят ветеринария бошқармасининг вирусология лабораториясига юборилган.

Самарқандда шу йилнинг июль ойида 9 ёшли бола ит тирнаганидан 22 кун ўтиб, 3 июл куни ҳаётдан кўз юмгани ҳақида Озодлик хабар қилганди.

Туман санэпидстанция бош врачи Обрўй Бойқобиловнинг Озодликка айтишича, ҳодиса содир бўлган Равонак қишлоғидаги жами 210 та хонадоннинг ҳаммаси текширилиб, ит-мушуклари ва бошқа уй ҳайвонлари эмланган.

Мутахассисларга кўра, қутуриш касаллиги одамга асосан қутурган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши оқибатида сўлаклари орқали юқади.