Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида янги "Ўзбекистон тарихи" телеканали очилди.
Бу канал президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ташкил қилинди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, бу канал “UzHD” телеканали негизида ташкил қилинган ва 5 йўналишда фаолият юритади.
Ҳар бир йўналишдаги телекўрсатувлар алоҳида таҳририятлар томонидан тайёрланади. Булар : “Ўзбекистон тарихи“, “Жаҳон тарихи ва цивилизация“, “Археология ва музейлар“, “Илмий-оммабоп фильмлар“ таҳририятлари ҳамда “Тезкор дубляж“ студиясидир.
Расмий хабарга кўра, кўрсатувлар Ўзбекистон Фанлар академияси билан имзоланган Меморандум доирасида ҳозирланади. Шунингдек, янги телеканалда тўғридан-тўғри эфирда баҳслар ўтказиш, давра суҳбатлари бериб бориш режаланган, шунга мос техник ускуналар билан таъминланган.
Дастурларнинг HD форматда кеча-кундуз узлуксиз эфирга узатилиши айтилмоқда.
Бу канални очиш ҳақидаги қарорини маълум қилганда президент: "Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак", деган эди.