Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган нутқида мамлакатдаги ҳуқуқий ислоҳотларни санаб ўтди.
Маълум қилишича, кейинги 3 йилда эълон қилинган 7 афв натижасида 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилган. Мустақилликнинг 28 йиллиги арафасидаги афв фармони билан 65 киши озод этилди.
Шунингдек, президент Қорақалпоғистондаги Жаслиқ колониясини тугатиш ҳақидаги ўз қарорини "инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси", деб баҳолади.
Президент нутқи давомида Суриядан 156 ватандошнинг қайтарилгани, чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошлар билан алоқалар мустаҳкамланганини айтиб: "Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда", деди.
"Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда. Даврнинг, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ҳар куни ўқиб-ўрганишимиз, ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз керак", деди президент жумладан.