Журналист Хуршид Далиев «Human.uz» сайтида ўзига ўлим билан таҳдид қилинаётгани тўғрисидаги баёнотини эълон қилди.
Унга кўра, бу таҳдид Андижон вилоятидаги мутасадди раҳбарлар журналист томонидан танқид қилинганидан сўнг бошланган.
“13 август куни тунги соат 1:00 га яқин телефонимга +998 93 062 95 25 рақамидан номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўзини таништирмай, бирор бир сабабсиз мени турли ёмон ва куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириб юбориш билан таҳдид қилди. У Андижондаги мавжуд муаммоларни ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларим орқали ёритаётганимни «ватанга хиёнат»га тенглаштирди”, деб ёзган журналист.
Хуршид Далиев Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилганини, унинг аризаси айни пайтда Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан текширилаётганини билдирди.
Хуршид Далиев 10 август куни Андижон шаҳридаги мактабларда ишловчи 25-35 ёшдаги, турмушга чиқмаган ва турмушидан ажраган аёлларнинг алоҳида “сирли рўйхати” мавжудлиги ва бу рўйхат Андижон шаҳар ҳокимлигига тақдим этилиши ҳақида ёзган эди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги мақолага муносабат билдирар экан: “Бу рўйхат Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилишда суҳбатга чақириш учун тузилган бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда аёл ходимлар, хусусан, педагоглар сонини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган”, деб маълум қилган эди.