Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Бу ҳақда хабар қилган president.uz сайтига кўра, "ушбу маросим ҳам давлат ва жамоатчиликнинг Ислом Каримовга ҳурмати ифодаси бўлди".
Ташриф давомида Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентнинг ҳаёти ва фаолияти, орзу-истаклари, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашдаги хизматлари ёдга олинди.
Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.
Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.
- Ислом Каримов вафот этгани 2016 йил 2 сентябрда расман эълон қилинган. Президент қарорига кўра, бу сана Хотира куни деб эълон қилинган.
- Каримов ўлимидан буён у юритган сиёсат турли даражаларда танқид қилинмоқда.