Божхона ишларида ҳамкорликка оид Беларус билан битим кучга кирди

Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга расмий ташриф билан 2018 нинг сентябрида келган эди.

2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларус Республикаси Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим кучга кирди.

Бу ҳақда хабар қилган ТИВ матбуот хизматига кўра, ҳужжат 2018 йил 13 сентябрь куни Беларусь Республикаси президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида имзоланган эди.

Мазкур ҳужжат божхона қонунчилиги бузилишини олдини олиш, унга қарши курашиш ва суриштиришда ўзаро ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди. Ушбу Битим доирасида икки мамлакат божхона органлари уларнинг ҳудудларида амалдаги божхона қонунчилигини бузиш мақсадида фойдаланилгани ёки фойдаланилиши мумкинлиги тўғрисида маълумот ёки шубҳа мавжуд бўлган шахслар, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида бир-бирларига маълумот тақдим этадилар.

Битим икки мамлакат божхона органлари ҳамкорлигини ривожлантириш ва кенгайтириш ҳамда божхона ҳуқуқбузарлигини олдини олиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлашга имкон беради, дейилади хабарда.