Майк Пенс: Россия билан можарода АҚШ Украина томонида бўлади

АҚШ вице-президенти Майк Пенс Украина президенти Володимир Зеленский билан 1 сентябрь куни Варшавада учрашди.

АҚШ Украина билан Россия ўртасидаги можароларда Украина томонида қолади ва унинг ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиши йўлидаги ҳаракатларига кўмак кўрсатаверади, деб баёнот берди АҚШ вице-президенти Майк Пенс.

Украина президенти Володимир Зеленский билан Варшавада 1 сентябрь куни учрашар экан, Пенс АҚШ Украинанинг Қрим масаласида Россияга бўлган қонуний талабларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. АҚШ вице-президенти ва Украина президенти нацистлар Германиясининг ҳужуми ва Иккинчи жаҳон уруши бошланганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун Варшавада бўлишди.

АҚШ Украина учун муҳим иттифоқчи. Вашингтон 2014 йилда Қрим аннексияси боис ва Украина шарқидаги айирмачиларни Москва қўллаб-қувватлагани сабабли Россияга санкция жорий қилди.

Бундан аввал Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Киевга сафари вақтида АҚШ президентининг Варшавада Зеленский билан учрашуви эҳтимоли ҳақида айтган эди. Бироқ, Дональд Трамп уруш бошланишининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлардаги иштирокини бекор қилгани боис Польшага келмади. У ўзининг қарорини АҚШ соҳиллари томон ҳаракатланаётган кучли бўрон туфайли мамлакатда бўлиши кераклиги билан изоҳлади.