Ўзбекистон Google, Yandex, Alibaba, Netflix ширкатларига солиқ жорий этмоқчи

Солиқ кодексининг янги лойиҳасида интернетда хизмат кўрсатувчи технологик ширкатларга солиқ жорий этиш назарда тутилмоқда.

17 сентябргача халқ муҳокамаси учун эълон қилинган лойиҳада жисмоний шахсларга реклама жойлаштириш, қидирув тизимларига киришни, статистикани олиб боришни таъминловчи, онлайн-савдо, стриминг хизматлари кўрсатувчи ширкатлар солиқ тўлаши тўғрисида айтилади.

Интернетнинг Ўзбекистон сегментида бундай хизматлар Google, Yandex, Alibaba, Netflix каби ширкатлар томонидан тақдим этилади.

Солиқ кодекси лойиҳасида таъкидланишича, мазкур ширкатлар 2020 йилнинг 1 январидан солиқ органида рўйхатдан ўтиши ва ҳар ойда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҳисобот топшириб, қўшимча қиймат солиғини тўлаб бориши лозим. Солиқ ставкаси 20 фоизни ташкил қилади.

2017 йилда Россия хорижий интернет ширкатлар учун солиқ жорий этган эди. Google ва Apple каби ширкатлар Россияда 18 фоизли қўшимча қиймат солиғини тўлайди. Интернет ширкатларга солиқ жорий этиш ниятини Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам билдирган.