Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 3 сентябрь куни қаровсиз ва дайди итларни оммавий равишда йўқ қилиш амалиёти ўтказилганини тасдиқлади.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда дайди итлар билан бир қаторда эгалари бўлган итлар ҳам ўлдирилаётгани тўғрисида постлар эълон қилинган ва бу ҳолат норозиликларга сабаб бўлганди.
Самарқанд ҳокимиятининг билдиришича, итларнинг йўқ қилинишига шаҳарда қаровсиз, дайди итлар кўпайгани ва “жорий йил давомида уч ҳолатда эгасиз дайди итлар томонидан фуқароларга гуруҳли тан жароҳати етказиш ҳолати кузатилгани” сабаб бўлган.
“Жумладан, 27-28 август кунлари Самарқанд шаҳрининг Рудакий, Гагарин, Навоийшоҳ ва Мирзо Улуғбек кўчалари ҳамда Темир йўл вокзалининг олд қисмида 16 нафар фуқарога номаълум ит жароҳат етказган”, дейилади хабарда.
Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда ободонлаштириш бошқармасининг ит тутиш бригадаси тузилган.
Гуруҳ томонидан 28-31 август кунлари Самарқанд шаҳридаги 2905 та хонадонга уйма-уй кирилди ва 1003 та ит борлиги аниқланди. Шундан 262 та ит рўйхатга олиниб, қутуриш касаллигига қарши эмланди. Итларнинг қолган 741 таси эса жорий йилда қутуриш касалига қарши эмланган.
«Ишчи гуруҳ томонидан дайди итлар хўрак бериб йўқотилди. Бироқ ишчи гуруҳ аъзоларидан бири аҳоли хонадонидаги итга ҳам хўрак бераётгани аниқланди ва бу ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳам ўз исботини топди. Аслида ишчи гуруҳга бундай топшириқ берилмаган. Шундай бўлса-да, ходим кўрсатмага амал қилмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган. Мазкур ҳолат учун унга қонун доирасида чора кўрилади», дейилади расмий хабарда.