Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил, 9 июнда қабул қилган қарор билан 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорнинг 3-ва 7-бандларигагина ўзгартириш киритилган.
Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги баёнот берди.
Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 15 августда “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 666- қарорни қабул қилган эди.
2019 йил 19 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Бу қарор билан 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорга ўзгартиришлар киритилди.
Ўзгартишларга биноан ягона мактаб формаси 2019-2020 ўқув йилидан эмас, балки 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
Бироқ Халқ таълими вазирлигига кўра, 666- қарор билан тасдиқланган “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низоми” ҳозирги кунда ҳам амалда.
Шу боис вазирлик ўқувчилардан мазкур низом талабларига риоя этишлари сўраган.
- Жорий йил май ойининг охирида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари, президентнинг қизи Саида Мирзиёева ўзининг Facebook саҳифасида ягона мактаб формасини жорий этишга ҳали эрта экани тўғрисида фикр билдирган эди.
- Бу воқеадан бир неча кун ўтгач, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2019-2020 ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилди.
- Вазирга кўра, 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар учун мактаб формасини тикиш жуда катта ҳажмдаги ресурсларни талаб қилади. Мамлакат тўқимачилик саноати айни пайтда бу вазифанинг уддасидан чиқа олмаслиги мумкин.