Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат расман 12 ой қилиб белгиланди. Бу борадаги қонунни президент Мирзиёев 5 сентябрда имзолади.
2002 йил 12 декабрда қабул қилинган «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан «Муддатли ҳарбий хизмат муддати календарь ҳисобида ўн икки ой этиб белгиланади».
Бунга қадар армия муддати оддий аскарлар ва сержантлар таркиби учун ўн икки ой, олий маълумотли шахслар ва чақирув бўйича офицерлар таркибида хизмат ўтаётганлар учун тўққиз ой этиб белгиланганди.
Бундан ташқари, қонунга киритилган ўзгартишга асосан, бундан буён муддатли ҳарбий хизматга чақирув март ва апрель ойларида ўтказилади. Бунга қадар чақирув февраль ойида бошланиб, март ойида якунланар эди.