Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди¸ деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Расмий хабарда келтирилган рақамларга кўра¸ кейинги йилларда 76 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилган¸ жорий йилда 25 минг гектар пахта майдонларида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилинган.
Президент ўтказган мажлисда “давлат харид нархларининг қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида манфаатдорлик ошгани ва пахтачилик ва ғаллачиликнинг ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айлангани” иддао қилинган.
Айни пайтда¸ Озодликка мунтазам хабар йўллаëтган ўзбекистонлик фермерлар¸ кластер тизими жорий қилиниши ортидан ўзларининг яхши ишлов берилган ерлари ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларга ноқонуний равишда олиб берилганидан шикоят қилиб келмоқда.
Пахта мавсумида эса Озодликка давлат бюджетига боғланган муассасалар ишчи-хизматчиларига “кўнгилли равишда ҳашарга чиқдим” деган мазмунда мажбурий тилхат ëздирилиб¸ уларнинг бутун мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнатга юборилаëтгани ҳақидаги хабарлар келишдан тўхтамаëтир.
6 сентябрь кунги мажлисда Мирзиëев қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш¸ “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида жойларда логистика хизмати ва кооперация тизимини кенг жорий қилишни топширган.