Андижон вилоятининг Асака туманида “Шарқ ҳақиқати” тез тиббий ёрдам шохобчасига олиб борилган бемор яқинлари фельдшерни калтаклади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram каналида берилган хабарга кўра,
6 сентябрь куни кечки пайт шохобчага келтирилган беморда оғир жароҳатлар бўлган.
Вазирликка кўра, шифокорлар беморга биринчи ёрдамни кўрсатган, сўнгра тартибга биноан туман ички ишлар бўлимига хабар беришга уринган. Ўша кезда беморни олиб борган фуқаро С.Н. тез тиббий ёрдам фельдшери Б.Гадоевнинг бурнига боши билан зарба берган ва калтаклай кетган. Бундан ташқари, ҳовлида турган тез тиббий ёрдам машинасига ҳам зиён етказган.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилди.
Фельдшерга эса “бурун суяги ёпиқ синиши, чап тирсак, тизза бўғимининг юмшоқ тўқималари лат ейиши, пастки жағ чап соҳасининг йиртилиши ва юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси қўйилган.
Кейинги пайтларда беморлар яқинлари томонидан шифокорларнинг калтакланиши ёки уларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари кўп кузатилмоқда.
Шу йилнинг 21 августида Озодлик Андижонда беморнинг ўғли врачлар хонасига ўт қўйишга уринганини хабар қилган эди.
7 август куни эса Самарқанд вилояти Қўшработ тумани касалхонасида терапевт врач бемор қариндошларининг ҳужумига учраганди.
10 июль куни Сирдарёда болалар касалхонасида вафот этган 4 ёшли боланинг отаси 2 шифокорни пичоқлаган, улар оғир жароҳатлардан омон қолганди.
Шифокорга қилинаётган бу каби ҳужумлар жазосиз қолмаслигига умид билдирган вазирлик расмий хабари охирида шундай дейилади:
"Бундай ҳолатлар халқимизнинг миллий қадриятларига ҳам, умуминсоний тамойилларга ҳам бутунлай зиддир. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари жамиятимизда кўпчиликни ўйлантираётган бундай иллатларга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали усулларини жорий этиб, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишларини сўраб қоламиз".