Нидерландиялик терговчилар 2014 йили Украина шарқида MH17 рейси билан учиб кетаётган учоқнинг уриб туширилишига алоқадор эканлиги айтилаётган Украина фуқароси Володимир Цемахни 7 сентябрь куни сўроқ қилган. Бу ҳақда Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок мамлакат парламенти олдига қилган чиқишида билдирди.
Россия ва Украина алмашган асирлар орасида бўлган Цемахни нидерландиялик терговчилар у Москвага юборилишидан олдин сўроқ қилишни истаган эди.
Блок терговчилар асир алмашинувига қадар Цемахни сўроқ қилиш учун барча чораларни кўрганини, натижада Киев Москва билан асир алмашишни кечиктирганини айтди.
Вазир Цемах қанча пайт сўроқ қилинганини ёки ундан қандай қўшимча маълумот олинганини очиқламади. Хабарларга кўра, Цемах Украина шарқида, самолёт уриб туширилган ерга яқин шаҳарда Россия қўллаб келаётган айирмачиларнинг ҳаво мудофааси бўлимига етакчилик қилган.
MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган учоқ 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда “Бук” ракетаси билан уриб туширилган.
Фожиа 298 нафар одам, жумладан, 80 нафар ёш бола умрига зомин бўлди.