Хорижликларга Ўзбекистон банкларининг акцияларини енгиллаштирилган тартибда сотиб олишга рухсат берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги 9 сентябрь куни маълум қилди.
Расмий маълумотда айтилишича, ҳукуматнинг 6 сентябрда қабул қилган 744-сон қарорига асосан “Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Ўзгартиришларга асосан хорижий инвесторларга Марказий Банк розилигисиз, тижорат банкларининг 5 фоизгача миқдордаги акцияларини сотиб олишга рухсат берилади.
Аввалроқ Марказий банк мамлакатдаги тижорат банкларининг умумий капитали 2019 йилда 30 триллион сўмдан ошиб кетишини билдирган эди.
Фергана агентлигининг ёзишича, халқаро экспертлар ўзбек банклари акцияларини сотиб олиш жараёни соддалаштирилса, банк тизимига 5 триллион сўм, яъни тақрибан 532 миллион доллар хорижий инвестиция киритилиши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.