Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон триатлон федерацияси миллий терма жамоасига украиналик чемпион Виктор Земцев бош мураббий этиб тайинланди.
Олимпия қўмитасининг билдиришича, жаҳон чемпиони ва Ironman сериясининг ўн маротаба чемпиони бўлган 45 ёшли Земцев Францияда ўзбек спортчилари билан 15 августдан 8 сентябргача машқлар ҳам ўтказишга улгурган. Лекин Земцевнинг айтишича, ҳали миллий терма жамоа шакллантирилмаган.
“Энди спортчилар ўз кучларини бўлажак мусобақаларда синаб кўрадилар. Биринчи халқаро турнир Иорданияда, иккинчи мусобақа Ўзбекистон кубоги финали. Мана шу мусобақалардан сўнг мамлакат терма жамоасини шакллантира оламиз”, деб айтган Земцев.
Отабек Умаров 7 март куни Ўзбекистон триатлон федерацияси президентлигига сайланган.
Июль ойида эса Гулнора Каримовадан мусодара қилинган Сижжак қўрғонидаги ҳашаматли қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилгани хабар қилинган эди.
Триатлон спортнинг энг мураккаб турларидан бири ҳисобланади. Триатлон мусобақалари ёзги ва қишги турларга бўлинади. Триатлоннинг ёзги турида спортчи кетма-кет ва тўхтамасдан сузиш, велопойга, югуриш мусобақаларида, қишки турида эса югуриш, велопойга ва чанғи мусобақаларида иштирок этиши лозим.