23 яшар таниқли спортчи Муслим Омонов 11 сентябрь, тонгда вафот этди.
Бу ҳақда хабар қилган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига кўра, 11 сентябрга ўтар тунда, тахминан соат 00.50 да, Юнусобод туманида жойлашган кафелардан бирида икки гуруҳ ёш йигитлар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.
Ташқарига чиққан ёшлар Шайхонтоҳур туманига бориб, муштлашган.
Натижада муштлашувда иштирок этган уч йигит тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Улардан бири – 23 ёшли Муслимбек Омонов шифокорларнинг уринишларига қарамасдан, ҳаётдан кўз юмган.
Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилгани, безориликда қатнашган барча ёшларнинг шахси аниқлангани тергов олиб борилаётгани хабар қилинди.
Муслим Омонов Москвада бўлиб ўтган аралаш жанг санъатлари бўйича FFC-2 мусобақасида ғолиб бўлган эди.
2018 йилнинг 8 августидан 9 августига ўтар кечаси MMA чемпиони Жамшид Кенжаев Тошкентдаги "Aurum-898" тунги клубида пичоқлаб кетилган эди.