Санкт-Петербургда полициячини дўппослаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди ва у қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитаси маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 9 сентябрь куни йўл-патруль хизмати ҳужжатларни текшириш учун бир автомашинани тўхтатган. Унда икки нафар ўзбекистонлик бўлган. Полициячилар ҳужжатлари йўқлигини айтган муҳожирларни полиция бўлимига олиб кетмоқчи бўлганларида, ўзбекистонликлардан бири полициячини дўппослаган.
Айни пайтда полиция ходими касалхонада экани билдирилди. Муҳожир ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қилганликда айбланмоқда. Бу айблов асосида Ўзбекистон фуқароси 10 йилгача қамалиши мумкин.
Расмий маълумотларга қараганда, 2018 йилда Петербургга 366 мингдан кўпроқ меҳнат муҳожири келган, улардан 147 минг нафари ўзбекистонликдир.
Петербургдан 2019 йил бошидан бери Россияда бўлиш тартибини бузгани учун 426 нафар муҳожир бадарға қилинди. Уларнинг 57 фоизи ўзбекистонликдир.