Бир йилда икки марта пичоқланган "Осиё айиғи" спортга қайтди

Иллюстратив сурат.

Бир йил давомида икки марта пичоқланган “Осиё айиғи” Мурод Хонтўраев катта спортга қайтди.

Sputnik нашрининг билдиришича, Хонтўраев 22 сентябрь куни Тошкентда россиялик 33 ёшли ММА жангчиси Евгений Мякинкинга қарши рингга чиқади.

К-1 йўналишида ўтказиладиган ушбу мусобақада Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон спортчилари иштирок этиши ва 11та жанг ўтказилиши кутилмоқда.

Мурод Хонтўраев ўз спорт карьерасида 13 та жанг ўтказган ва улардан 11тасида ғалаба қилган, 2тасида ютилган. Евгений Мякинкин эса 2009 йилдан бери жами 23та жанг ўтказиб, 14тасида ғалаба қозонган.

Жорий йилнинг 27 март куни аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраевга ўз яқинларидан бири пичоқ билан ҳужум қилгани билдирилган эди.

2018 йилнинг 26 ноябрь куни ҳам Хонтўраев "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқлангани ва шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Ўшанда расмий маълумотда Мурод Хонтўраев бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9та), иккала кўкрак соҳаси сидирилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилгани айтилганди.