Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўқонда оддий одамлар билан мулоқот қилаётгани акс этган видео тармоқларда тарқалди.
14 сентябрь куни олингани айтилган видеода Мирзиёев Қўқонда маҳаллий ҳокимият амалга ошираётган ишларни олқишлайди ва халқни дуо қилади. Ўз навбатида унга яқинлашишга интилаётган оломон ҳам президентни дуо қилади. Оддий одамлар билан мулоқот қилаётган Мирзиёевнинг атрофини қўриқчилар ўраб олгани кузатилади.
Президент Қўқонга Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали очилиш маросимида қатнашиш учун борди.
Расмий хабарга кўра, фестивалда 80 га яқин мамлакатдан ҳунарманд усталар қатнашган. Ўзбекистондан эса минг нафар маҳаллий ҳунарманд қатнашган.
13 сентябрь куни Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши Қўқоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилганини эълон қилган эди.
Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилгани ҳақида Озодлик хабар берган.
Жумладан, 1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қиз президент ва хорижлик меҳмонларга тақдим этиладиган концерт-томошасида фон бўлиш учун жазирамада таътилга чиқарилмасдан массовкага жалб этилгани айтилган.