Россиянинг Санкт -Петербург шаҳридаги "Бургер кинг" фаст-фуд ошхоналаридан бирида ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда ҳуқуқ- тартибот тузилмаларига таянган ҳолда “Комсомольская правда” хабар берди.
Хабарда айтилишича, 14 сентябрь куни эрталаб ишга келган ошхона директори иш хоналаридан бирини оча олмаган. Бу хонанинг эшиги ичкаридан қулф бўлган. Эшикни очишга бир соат урингач, ошхона раҳбари уни бузишга қарор қилган.
Эшик бузилганидан сўнг ичкарида ошхонада ошпаз бўлиб ишловчи 26 ёшли ўзбекистонликнинг жасади топилган. Унинг томоғига пичоқ урилгани аниқланган.
Полиция видеокамералардаги ёзувларни, ошпазнинг буюмларини ва ошхонадаги пичоқларни текширганлар. Бироқ эшикни ичкаридан ошпаздан бошқа ҳеч ким қулфламагани аниқланган. Ошхонада зўрлик билан одам ўлдириш аломатлари топилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, терговчилар ўзбекистонликнинг ўлимида жиноий мотивлар йўқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар.